Асарлари орқали ғалаба кунларини яқинлаштириш мақсадига хизмат қилдилар



жүктеу 377.44 Kb.
Дата21.04.2019
өлшемі377.44 Kb.

асарлари орқали ғалаба кунларини яқинлаштириш мақсадига хизмат қилдилар. Шу даврларда яратилган барча шеърий ва насрий асарларда жангчиларнинг матонати, партизанлар ҳаракати ва меҳнат фронти азаматларининг ҳаёти зўр ҳаяжон билан тасвирланди, уларда халқлар дўстлиги мавзуси тараннум этилди.

Публицистика соҳасида қалам тебратган Е.Буков ўзининг ”Нилдан Боннгача”, “Бурдаланган Муссолини”, “Қовоғи солиқ масхарабоз” каби фельетон ва мақолаларида халқаро фашизмнинг моҳиятини очиб ташлади.

Қизиқарли ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтган ва қардош миллий адабиётларнинг тажрибаларидан сабоқ олган молдаван адабиётида сўнгги 10-15 йил ичида эпик шеърият (поэма, шеърий роман ва баллада) анча тараққий этди. Шоирлар яратган достонлар тарихий мавзуларга ва ҳозирги замон воқеаларига бағишланган бўлиб , уларда молдаван халқи ҳаётининг муҳим босқичлари, турли ижтимоий табақа вакилларининг жонли характери ўз аксини топди.

Молдаван шоирларининг катта ҳажмли шеърий асарлар яратиш тажрибаси уларнинг таржимонлик фаолияти билан узвий боғлиқ равишда ортди. Рус ва қардош халқлар шоирлари асарларини таржима қилиш А.Лупан, Ем.Буков, Ю.Баржанский, А.Бусуёк ва И.Крецулар учун маҳорат мактаби бўлиб қолди. Бунинг ёрқин мисолини, айниқса, А.С.Пушкиннинг ”Евгений Онегин” шеърий романи, “Мис чавандоз”, “Полтава”, “Лўлилар” достонларини муваффақиятли таржима қилган Ю.Баржанский ижодида кўриш мумкин.

Сўнгги йиллар молдован шеъриятида лирика жанрида ҳам шакл ва мазмун жиҳатидан мукаммал асарлар яратила бошланди. Сиёсий лирика билан ёнма-ён ҳажвий шеърлар, масаллар ҳам пайдо бўлди. Бу шеърият МДХ халқлари адабиёти ичида илғор миллий адабиётлар шеърияти даражасига кўтарилди. Молдован насри ҳақида гап борганда И.Чобану, А.Шалар, М.Кахана, И.Друце, С.Шляху, Г.Баннару, В Малеваларнинг ижодини қайд этиш лозим. Уларнинг роман ва повестлари молдаван бадиий прозасининг тематик доираси хийла кенгайганлигини, адабиёт майдони проза билан шуғулланувчи истеъдодоли адиблар билан бойиганлигини кўрсатди. Муҳими шундаки, уларнинг салмоқдор асарларидан ҳар бир романнависнинг ўзига хос услуби ва воқеликни идрок этиш йўли сезилиб туради. Ўтмишда эзилган ва ўз озодлиги учун кураш олиб борган меҳнаткаш халқ, янги дунё қураётган оддий ишчи, колхозчи, деҳқон ва зиёли бу роман ва повестларнинг бош қаҳрамони бўлиб қолди.

Авваллари молдаван адабиёти ичида болалар адабиёти деган тушунча ҳам бўлмаган. Бу адабиётнинг мустақил жанр сифатида шаклланиши урушдан кейинги йилларга тўғри келди. 50-йилларга келиб кўпгина ҳикоялар тўпламларидан ташқари “Чин ўртоқ”, “Бизнинг хонадонда” (К.Кондри), “Янги Мегури пионерлари” (А.Шаларь), “Дўстлар йўлга чиқдилар” (Д.Ветров) сингари ўнлаб қиссалар нашр этилди.

Молдаван адибларининг бу роман, повест ва ҳикоялари молдаван прозасининг сўнгги йилларда катта тараққиёт йўлига чиқиб олганлигини, эндиликда унинг фақат Молдавиядагина эмас, балки МДХ халқлари адабиётининг барча ихлосмандларига манзур бўлаётганлигини кўрсатади. И.К.Чобану, И.Друце, А.Шалар, М.Кохана, А.Лупан, С.Шлаху, Л.Барскийлар қалами билан яратилган энг яхши повесть ва романларнинг дастлаб рус тилига, сўнг бошқа қардош тилларга таржима қилиниб, кўп нусхада нашр қилиниши фикримизнинг далили бўла олади.

Молдаван адабиётшунослиги ва адабий танқидчилиги ҳам адабиёт тараққиётидан четда қолмади. Қисқа вақт ичида молдаван классик ва ҳозирги замон ёзувчилари ижодига бағишланган бир қанча дарсликлар, ўқув қўлланмалар, монографиялар, очерклар яратилди, диссертациялар ҳимоя қилинди.

Дастлаб 1960 йилда Москвада, ундан кейинги йилларда МДХ таркибидаги барча республикаларда молдаван адабиёти ва санъати декадалари зўр муваффақият билан ўтди. Декадалар молдаван адабиётидаги ҳамма жанрларнинг, айниқса поэзия ва прозанинг кўпгина ғоявий-бадиий етук асарлари билан бойиганлигини кўрсатди. Бугунги кунда драматургия соҳасида ҳам туб бурилиш юз берди. Молдаван драматурглари яратган 50 дан ортиқ пьесанинг ярмидан кўпроғи Молдова Республикаси театрлари саҳналарида намойиш қилиняпти. Ион Друце ва Констрантин Кондраларнинг пьесалари молдаван адабиётининг шуҳратини чет элларга ёйди.

Ҳозир Виктор Телеукнинг ўйчан, ўткир лирикаси, Павел Боцунинг мазмундор шеърлари, Анатолий Кондрунинг жозибадор шеърияти, Георгий Воденинг оптимистик руҳ билан суғорилган шеърий асарлари, Ион Ватаману ва Петри Кареренинг асарлари барча кўп тилларга таржима қилинган. Молдаван адабиётининг забардаст вакиллари юксак унвонлар билан тақдирланган: Емилиан Нестерович Буков – Меҳнат Қаҳрамони, Андрей Лупан “Йўллар” шеърий туркуми учун Давлат мукофоти совриндори бўлди.


ТОПШИРИҚ. М.Эминескунинг “Я иду за милой следом…” деб номланган шеърини таржима қилишга уриниб кўринг.


Я иду за милой следом
В темной чаще, глухомани.

Чуть приближусь к ненаглядной –

Прерывается даханье.

Еле выговорил слово,

Что огнем души согрето,–

Смотрит мимо дорогая,

Не давая мне ответа.
Подхожу к ней ближе, ближе,

Уговариваю нежно –

Озирается пугливо,

Отстраняется поспешно.


Изогнулась, вырываясь,

Чуть я обнял стан прелестный;

Жарких рук не размыкаю,

К сердцу привлекаю тесно.


То ль не рада, то ли рада

Мне на грудь она склониться.

Без конца целую губы

И смежонные ресницы.


Крепче к сердцу прижимаю,

Даже дух перехватило,

Отчего грустит, спросил я,

Неужели разлюбила?


И она мне отвечает,

Озарив сияньем глаз:

– Ты мне дорог бесконечно,

Только дерзок ты подчас. (1876)

4. ОЗАРБАЙЖОН АДАБИЁТИ
Озарбайжон халқи Кавказ ва Кавказ ортида яшовчи халқлар (картвел, абхаз-адигей, нах-доғистон тиллари каби қарийб 40 та тилда сўзлашадилар) орасида қадимий маданият тарихи ва бой адабиётга эга бўлган халқлардан биридир (озарбайжон тили туркий тиллар оиласига киради). Унинг халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиёт шаклида яратилган энг қадимги намуналарида одамийлик, ҳақиқат ва адолат учун кураш, меҳнатга муҳаббат ва қардош халқларга ҳурмат сингари олижаноб туйғулар ўз ифодасини топган.

Турли-туман адабий жанрларда яратилган халқ ишқий-қаҳрамонлик достонлари, эртаклари, маросим ва муҳаббат қўшиқлари, шунингдек, халқ латифалари ва мақолларидан иборат фольклор асарлари турли тарихий даврларда яратилиб, оғиздан оғизга кўчиб, бизгача етиб келган. Булардан энг машҳурлари ”Китоби дада Кўрқут” (бугун унинг ёзувчи Анор қаламига мансуб нусхаси ҳам бор) ва “Кўр ўғли” эпослари, “Ошиқ Ғариб”, “Шоҳ Исмоил”, “Асли ва Карам” ишқий достонлари, Малик Мамед ва Кал Аҳмад саргузаштларидан ҳикоя қилувчи кулгили эртаклар, инсоний муҳаббатни олқишловчи тўртлик баётлардир.

“Китоби дада Кўрқут” эпоси тахминан VII-VIII асрларда, ҳали озарбайжон тилида ёзма адабиёт унча тараққий этмаган бир шароитда, она тилида ижод этилган йирик бадиий асар сифатида катта аҳамиятга эга эди. Унинг 12 қиссасида ўғиз-туркий қабилаларининг ўз мустақиллиги учун чет эл босқинчиларига қарши олиб борган курашлари тасвирланган. Ҳозирги кунда халқ достонлари сюжети асосида яратилган бир неча мусиқали драмалар озарбайжон театри саҳналарида муваффақият билан намойиш қилинмоқда.

Халқ оғзаки ижоди асарларини ёзиб олиш ва ўрганиш ишлари Озарбайжонда VI асрлардан буён мунтазам равишда давом эттирилмоқда. Озарбайжон халқ оғзаки ижоди ва қадимий ёзма адабиёти билан Ўрта Осиёда яшовчи ўзбек, тожик, туркман, қирғиз ва қорақалпоқ халқларининг адабиёти ўртасида бир-бирига ўхшаш жуда кўп анъаналар мавжуд. Кейинчалик озарбайжон классик адабиёти ва ўзбек, тожик, туркман мумтоз адабиётларининг йирик вакиллари ижодида ҳам ўзаро алоқа ва таъсир турли-туман шаклларда давом этиб келди ва ҳозир ҳам давом этмоқда (бу ҳақда пастроқда гап боради).

Буюк шоиримиз Алишер Навоийнинг ўлмас ”Хамса”си (XV аср), тожик адиби ва мутаккири Абдураҳмон Жомийнинг “Ҳафт авранг”и (XV аср) уларнинг буюк Низомий Ганжавий яратган “Панж ганж”дан баҳраманд бўлганликлари туфайли юзага келгани сингари, буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулийнинг ўйноқи ғазаллари, бадиий юксак ”Лайли ва Мажнун” достони Алишер Навоий ижоди таъсири остида яратилди. Ўзбек ва тожик адабиётининг асосчилари Ҳ.Ҳ.Ниёзий ва С.Айнийлар ижодининг шаклланиши ва камол топишида озарбайжон адабиётининг йирик вакиллари М.Охундов, Ж.Мамадқулизода ва А.Собирларнинг илғор дунёқараши сезиларли даражада таъсир қилди.

Кавказ орти ва Ўрта Осиё халқлари адабиёти ўртасидаги ўзаро алоқа ва таъсир кейинги йилларда катта-кичик миллатларнинг қардошлик оиласида яшаётган бир шароитда янгича мазмун касб этмоқда, янги-янги шаклларга эга бўлмоқда.

Озарбайжон адабиёти тарихи мундарижасини биз ҳозирги Озарбайжон ва Эрон Озарбайжони ҳудудида жуда қадим замонлардан бери яшаб ижод этиб келаётган озарбайжон халқининг бир бутун миллий адабиёти шаклида тасаввур қиламиз. Чунки бу адабиёт узоқ асрлар давомида Закавказьеда бирин-кетин ҳукмронлик қилган эрон шоҳлари, турк султонлари, араб ва мўғул истилочиларига қарши олиб борилган кураш жараёнида шаклланди ва ривожланди.

Озарбайжон мумтоз адабиётининг энг яхши анъаналаридан озиқланиб ижод этаётган Эрон Озарбайжони шоирлари – Озар ўғли, Мадина Гулгун, Акима Биллурий, Али Туде, Фитрат ва бошқалар шеърияти, С.Вурғун таъбири билан айтганда, “том маънодаги қаҳрамонлик шеъриятидир”. Чунки улар мамлакатда миллий ва ижтимоий зулм ҳукмрон бўлган оғир бир шароитда шеъриятни меҳнаткаш халқнинг миллий озодлик кураши манфаатларига хизмат қилдирмоқдалар. Масалан, Озар ўғли ўзининг ”Фаридун Иброҳимий” номли шеърида Фаридунни халқ фарзанди, халқ ва революция йўлида қурбон бўлган курашчи сифатида тасвирлайди. У дорга осилаётганда ҳам озодлик ва революция душманларини фош қилади:


Айтинг, бўйин эгарми мард киши ёвга?

– Йўқ, йўқ! Қўрқоқнинг иши – қилмоқлик тавба.

Мен жуда оз яшадим. Афсус, жуда оз,

Аммо ўкинмайман ҳеч – халқим сарфароз.

Жаллод! Кўрсат ҳунгаринг – Ажалдан зўрман!

Тика боқиб ўлимга, халқимни дерман.

Дорга оссанг, осавер, тушсам заминга,

Сакраб туриб барибир, юргум устингга!


Озарбайжонда VII-VIII асрларда араб тили, IX асрдан бошлаб эса форс тили расмий давлат тили ҳисобланганлиги туфайли ўнлаб озарбайжон шоирлари ўз асарларини араб ва форс тилларида ёзишган. Кейинчалик бу анъанани озарбайжон шоирларидан Хоқоний-Шервоний, Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий ва, қисман, ҳатто М.Ф.Охундовлар ҳам давом эттирганлар. Бу сўз санъаткорлари яратган асарлар, табиий, озарбайжон адабиёти маҳсулидир. Чунки турли тарихий шароитда яшаб қалам тебратган бу шоирлар ижодида Озарбайжондаги турли ижтимоий табақаларнинг ҳаётини акс эттириш асосий ўрин тутган эди.

XII аср озарбайжон шеъриятининг гуллаб-яшнаши, шубхасиз, Низомий Ганжавий номи билан боғлиқ. У ўз давринингилғор ўқимишли кишиси, буюк даҳо ва мутафаккири сифатида адолатли, маърифатли подшоликка ишонди ва унга катта умид боғлади. Низомий ўз лирикаси ва хамсачиликка асос солган беш гениал достонида Шарқ шеърияти эришган ютуқларга якун ясади ва шеърият тараққиётида узоқ асрлар салмоқли рол ўйнаган янги анъанани бошлаб берди. Романтик достонларида пок инсоний севгини тарғиб этди, оддий деҳқон ва ҳунарманднинг меҳнатини улуғлади.

“Хамса”нинг биринчи достони ”Махзанул-асрор” ўз дидактикаси билан, “Лайли ва Мажнун”, ”Хусрав ва Ширин” ҳамда “Ҳафт пайкар” севги ҳақидаги фалсафаси билан, “Искандарнома” эса шоир дунёқарашига хос ижтимоий қарашлари билан жаҳон адабиёти тараққиётига кучли таъсир қилди.

Буюк шоир қалами билан сайқал топган Фарҳод, Ширин, Лайли ва Мажнун образлари ҳозирги кунда ҳам ўз бадиий етуклиги ва гуманистик йўналиши билан кишини ўзига мафтун этади.



Муҳаммад Фузулий ижоди озарбайжон шеъриятининг юқори чўққиси эди. Фузулий лирикасининг асосий мотивқ инсонга шодлик ва қувонч, ташвиш ва алам бағишловчи пок муҳаббатдир. Шоирнинг фикрича, севги кишиларга адолат учун олиб бориладиган курашда куч бағишлайди. Фузулий лирикасида ишқ-муҳаббат мавзуи кўпинча турли ижтимоий-фалсафий масалалар билан чамбарчас боғланган ҳолда талқин этилар экан, шоир золим ва фаросатсиз ҳукмдорларни қаттиқ танқид остига олади. Шоирнинг инсонпарварлиги унинг озарбайжон тилида яратган достони “Лайли ва Мажнун”да ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди. Бу асарда Фузулий ўз устозлари Низомий ва Навоий ижодидаги энг яхши анъаналарни давом эттириб, пок инсоний севги, муҳаббатни олқишлайди.

XVI-XVII асрларда турк султонларининг Озарбайжонга қилган ҳужуми натижасида мамлакат яна харобага айланди, ёзма адабиёт инқирозга юз тутди. Халқ оғзаки ижодида ватанпарвалик, халқлар дўстлиги ғояларини тарғиб қилувчи бир қанча қаҳрамонлик достонлари юзага келди. Бу асарларда озодлик ва мустақилликка интилиш, босқинчиларга қарши ғазаб ва нафрат мотивлари озарбайжон, арман ва грузин халқлари ўртасида дўстликка чорловчи куйларга ҳамоҳанг бўлди.

Видодий билан Воқиф XVIII аср халқ шеъриятининг энг яхши хусусиятларини ўз ижодига сингдирган атоқли озарбайжон шоирлари эдилар. Воқеликни ҳаққоний акс эттириш, халқ орзу-умидларига яқинлик ҳамда шеърни ниҳоятда сода ва халқчил услубда ёзиш бу икки дўст ва маслакдош шоир ижодининг фазилати эди. Ҳар иккала шоирнинг ҳам лирикаси халқ оғзаки ижодининг бой хазинасидан озиқланди. Меҳнаткаш оилада туғилиб вояга етган, ўз ақл-идроки туфайли, Навоий каби, вазирлик лавозимига кўтарилган Мулло Паноҳ ўғли Воқиф давлат арбоби сифатида санъат ва адабиётни халқ манфаати учун хизмат қилдиришга уринди. У қўшни давлатлар ўртасида, айниқса, Россия билан дўстона алоқани қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатганлиги учун муҳолифлари уни кофирликда айблаб, таъқиб остига олдилар. У бошлаган шарафли иш – адабиётда реализмни шакллантириш ва янада мустаҳкамлашни Абулқосим Наботий, Шукуҳий ва Ошуқ каби шоирлар давом эттирдилар.

XIX аср бошларида Озарбайжон, Ўрта Осиёдан олдинроқ, Россияга қўшиб олинди, унинг мустамлакасига айланди. Халқ икки томонлама зулм ва қолоқлик гирдобида қолди. Шу даврдан юртда марифатпарварлик ҳаракати кучая бошлади. Бу ҳаракатнинг дастлабки вакиллари атоқли шоир ва олимлар Аббосқули Боқихонов, Мирзо Шафий Возеҳ ва Исмоилбек Куткашинскийлар бўлиб, улар адабиётга новелла, реалистик достон каби янги жанр элементларини олиб кирдилар. Шу билан бирга турмуш ҳодиса-воқеалари ҳақида кенг муҳокама юритиш, эркин фикрлаш ва халқнинг ночор аҳволига ташвишланиш кайфиятларини рўёбга чиқара бошладилар.



М.Ф.Охундов XIX асрнинг буюк маърифатпарвари, драматурги ва мутафаккири ҳисобланади. Саводини эски мактабда чиқарган, бир неча тилни мукаммал эгаллаган, адабиётни чуқур билган. Тифлисдаги рус-татар билим юртида рус тили ва адабиётини зҳр ҳавас билан ўзлаштирди. Пушкинни севиб ўқиди. Рус революцион-демократларининг ижтимоий-сиёсий қарашлари билан қизиқди. Озарбайжон халқининг аянчли аҳволи унинг саводсизлигидан деган хулосага келиб, маърифат тарқатиш, меҳнаткашлар болаларини ўқитиш, уларни саводхон қилиш учун жон куйдирди. Араб алибосини лотин ёзуви асосида қайта тузиб чиқди. Охундов озарбайжон реалистик адабиётининг асосчиси сифатида танилди. У реалистик комедиялар яратиб, озарбайжон миллий театрининг шаклланиши учун замин ҳозирлади. Унинг ёзган комедиялари замонасининг ҳукмрон доиралари устидан чиқарилган айбномадай қабул қилинди. Охундов яратган драмалар билан Грибоедов асарлари ўртасида маълум яқинлик мавжудлиги диққатга сазовор. Грибоедовнинг ”Ақл достидан дод” комедиясидаги Чацкий образи Охундовнинг “Кимёгар Мулло Иброҳим Халил” асаридаги шоир Ҳожи Нурий образини эслатади.

Охундов рус поэзиясининг энг яхши анъаналарини Шарқ мумтоз шеъриятининг ажойиб анъаналари билан боғлаб ривожлантирди. У ўз шеърларида рус ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстликни тасвирлаган бўлса, 1837 йилда ёзилган “Шарқ поэмаси”да ”шеъриятнинг сўнмас қуёши” Пушкин образини яратди.

XIX аср охири, XX аср бошларида Нажафбек Везиров, Наримон Наримонов, Абдураҳимбек Ахвердов, Жалил Мамадқулизода, Алиакбар Собир каби ўнлаб истеъдодли адиблар фаолият кўрсатдилар. Уларнинг барчаси Мамадқулизода муҳаррир бўлган ”Мулло Насриддин” ҳажвий журналининг фаол муаллифлари эдилар.

Ж.Мамадқулизода ўз даврининг ўткир ҳажвчи адиби сифатида Гоголга эргашди ва 30 йилдан кўпроқ вақт ичида жуда кўп ҳикоя, фельетон, повесть ва памфлетларни бостириб чиқарди. У яртганг сиёсий томондан ўткир ҳажвий асарланинг тиғи ўзбошимча ҳукмдорларга қарши қаратилди. Унинг деярли ҳамма ҳикоялари ихчамлиги ва ғоявий ўткирлиги билан ажралиб туради. Ёзувчи уларда халқ ҳаётининг реалистик лавҳаларини чизади, турмуш воқеа-ҳодисалари ҳақида кенг мулоҳаза юритади. Шунинг учун унинг ҳикоялари кенг китобхонлар оммасига тез тарқалди.

Алиакбар Собир ўз ижодини ғазал ёзишдан бошлади, аммо тезда истеъдодли ҳажвиётчи сифатина шуҳрат қрзонди. Унинг ижодида акс эттирилган реал воқелик, меҳнаткашларнинг аянчли аҳволи, озодликка интилиши, мустамлакачиларга қарши кураш каби долзарб масалалар шеъриятнинг таъсирчан чнги шаклини талаб қиларди., Бу шаклни Собир анъанавий ғазал жанридан топди. Собир ижоди ҳаёт ҳақиқатини тўғри акс эттирувчи ойнага айланди. Унинг ҳажвияси эксплуататорларга нисбатан ғазаб-нафрат ҳисси билан тўлиб тошди. Чор ҳукуматининг халқлар ўртасида миллий адоватни кучайтиришдек босқинчилик сиёсатини фош қилувчи “Байналмилал” шеърини ёзишга журъат этди.

Ҳозирги Озарбайжон адабиётининг шаклланиши ва дастлабки ривожида Ж.Мамадқулизода, А.Ахвердов, Ж.Жабарли, Н.Везиров, Сулаймон Охундов, А.Шойиқ ва бошқалар ҳамда улардан кейин адабиёт майдонига кириб келиб вояга етган С.Вурғун, М.Ҳусейн, С.Рустам, М.Иброҳимов ва бошқаларнинг хизматлари катта бўлди.

М.Горький ва В.Маяковскийларнинг Закавказьега келиши ижод аҳлининг фаоллигини оширди, рус, арман ва грузин тилларидан ҳикоя ҳамда повестлар таржима қилиш иши йўлга қўйилди. Адабиётга янги-янги навқирон кучлар кириб кела бошлади. Ўз тараққиётининг дастлабки босқичида катта ҳажмдаги насрий асарлари (романлар) бўлмаган озарбайжон адабиёти рус ва жаҳон романчилигини таъсирида қисқа вақт ичида тарихий ва замонавий романнинг яхши намуналари билан бойиди.

Драматургия катта босқичга кўтарилди. Тарихий драманинг энг яхши намунаси ҳисобланган ”Воқиф” ўзининг кўп хусусиятлари билан Уйғун ва И.Султонларнинг “Навоий”, тожик драматурги С.Улуғзоданинг “Шоирнинг қисмати” асарларига яқин туради. Унда драматург XVIII асрда яшаб ижод этган буюк шоир ва давлат арбоби Мулла Паноҳ ўғли Воқифнинг ҳаёи йўлини, зулм ва жаҳолатга қарши олиб борган курашини акс эттириш орқали озарбайжон халқининг ўтмишдаги аянчли аҳволи ва озодлик учун олиб борган курашини тасвирлаган.

Кейинги йиллар озарбайжон адабиётида Р.Ризо, Н.Хазри, И.Шихли, И.Қосимов, Анор, А.Айлисли, Мақсуд Ибрагимбеков ва бошқаларнинг насрий ва саҳна асарлари бу қардош адабиётга шуҳрат келтирди. Бу шоир ва ёзувчилар ижодий меҳнати давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Озарбайжон халқи билан Ўзбекистонда яшовчи халқлар ўртасидаги адабий-маданий алоқалар қадимий тарихга эга. Буюк Низомий ”Хамса”си ўзбек халқи орасида машҳур бўлганидек, Навоийнинг ғазал ва достонлари озарбайжон мадрасаларида ўқитилган. М.Ф.Охундов, А.Собир сингари демократ ёзувчиларнинг ижоди илғор ўзбек адабиётининг шаклланишида муҳим рол ўйнади. Ўз навбатида Ҳамза, Айний Ойбекларнинг драматургияси ва насрий асарлари озарбайжон драматургияси на романчилигининг ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшди.

Тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, Хамза озарбайжон театри, айниқса Ахвердиев, Наримонов драматургияси билан яқиндан таниш бўлган. Сидқи Рухулла бошлиқ озарбайжон театр труппаси Қўқонга келганда, Хамза бирорта ҳам спектаклни қолдирмай томоша қилган. Хамза тажрибали театр режиссери билан суҳбатларда ундан кўп нарсани ўрганди, ижодий озиқ олди.

Бокуда чиқадиган ”Мулла Насриддин”, “Дебистон” ва бошқа журналларда С.Айний, М.Сўфизода, А.Авлоний ва бошқа ўзбек маърифатпарварларининг мақола, шеър ва ҳажвий асарлари чиқиб турди. Масалан, С.Айний ”Мулла Насриддин”нинг 1910 йилги № 23 сонида ”Бухородан бир киши” тахаллуси билан ёзган мақоласида янги усулдаги мактабларнинг жорий этилишга қарши чиқаётган қолоқ кимсаларни амир ва бошқа амалдорларнинг малайлари деб қаттиқ танқид қилади. Йирик давлат арбоби Ф.Хўжаев “Таржимон”, “Вақт”, “Мулла Насриддин” журналларини Ўрта Осиё халқлари ўртасида илғор ғояларни шакллантириш ва ривожлантиришда хизматлари катта бўлган деб баҳо беради. Шунингдек, ўзбек тилида чиқадиган ”Туркистон волоятининг газети”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Ойна” газета-журналларида рус, озарбайжон, татар, турк адабиётидан таржималар, мақола, тақриз, театр ва адабиёт янгиликлари ҳақида ахборотлар босилиб турди. А.Авлонийнинг “Адабиёт” китоби (1914)нинг биринчи қисмида Собир Тоҳирзоданинг ”Таржибанд”, “Сўз” шеърлари, Воқифнинг мухаммаслари, хоразмлик шоир Табибийнинг Озарбайжондаги “Фуюзот” журналида босилган шеъри берилган.

Аваз Ўтар ўғли, Абдулла Қодирий, Мирмухсин Шермуҳаммедов, Сидқий (Ожизий), Сўфизодаларнинг 1905-1916 йилларда битилган илк шеърларида озарбайжон ва турк шеъриятининг таъсири бор. Озарбайжонлик қардошларнинг асарларини таржима қилишда Хамза, А.Авлоний, М.Уйғур, А.Қодирий, Хуршид, Ғ.Юнус, Фитрат ва бошқалар фаол иштирок этдилар

Бокуда ҳарбий ўқув юртида таълим олган ўзбек шоири Шухратнинг ёзишича, у урушга кетаётиб С.Вурғуннинг китобини ўзи билан бирга олибю кетади. Урушнинг энг оғир кунларида ҳам бу китоб унга ҳамроҳ бўлган. Жароҳатланиб, хушидан кетиб қолган вақтларда ҳам, хушига келгач, китобни ппайпаслаб, қидирган. “Самад Вурғун ҳудди тепамда тургандай ва мени яна Бокуда учрашажагимизни таъкидларди”, дейди.

Хаким Назир икки қардош халқ пахтакорларининг ўзаро учрашувлари ҳақида ”Севиль” номли очерклар тўпламини чиқарди. “Мафтунингман, Озарбайжон!” номли очеркида шоир Боку, Мингечаур, Қорабоғ, Муғон, нефть конлари ва бошқа хушманзара жойларни тавсифлаб, Турсуной Охунова изидан бориб, машинада пахта терувчи 58 та озарбайжон қизини уюштирган Севиль Казиеванинг матонати ҳақида батафсил ёзган.

Озарбайжон шоири А. Кюрчайли Тошкентда Навоий номли опера ва балет театрида У.Хожибековнинг “Кўр ўғли” операсини кўрганлиги, ўзбек театр мухлисларининг озарбайжон санъатига муҳаббати ҳақида ёза туриб, Озарбайжонда ҳам ўзбек адабиёти ва санъатига шундай муносабатда эканликларини эътироф этади:
Ахы орда Нваи, Гафур Гулам, Мугими,

Севилир Низами тк, севилир Вургун кими.

мза кимзаднин одлу нғмлрини

зjирин нғмси тк охуjуруг ркдн


ТОПШИРИҚ: 1. Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеърини мазмун, услуб, поэтик жиҳатдан таҳлил қилинг ва далилланган эссе ёзинг.
ФУЗУЛИЙ ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА
Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,

Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.

Карбало даштида яёв кезишдан

Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.


Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,

Шоир ўйларига бермагил халал.

Устоз юрагида шеър туғилмоқда,

Дунёга келмоқда бир мунис ғазал:


“Сабо ағёрдан пинҳон ғамим дилдора изҳор эт,

Хабарсиз ёрими ҳоли харобимдан хабардор эт,

Кўнгил, ҳам гунларин танҳо кечурма, иста бир ҳамдам,

Ажал хобиндин афғонлар чекиб Мажнунни бедор эт».


Япроқлар тебранар шеър мақомига,

Чечаклар жимгина эгиб турар бош.

Мармар сарҳовузнинг кумуш жомига

Шоир кўзларидан оқиб турар ёш.


Боку боғларига чўкмоқда оқшом,

Денгиз мавж уради товланиб зарҳал.

Шоир юрагидан тошганда илҳом,

Ёш билан қуйилиб келади ғазал:


“Паришон ҳолинг ўлдим, сўрмадинг ҳоли паришоним.

Ғамингдан дарда туштим, қилмадинг тадбири дармоним,

На дерсан, рўзигорим бўйлами кечсун, гўзал жоним.

Гўзим, жоним, афандим, севдигим, давлатли султоним».


Ошиқлар ухлайди саҳарга томон

Фузулий девонин бошига қўйиб.

Мажнун севгисидан ўқилса достон,

Булбуллар тинглайди бутоққа қўниб.


Халқим жондин севар дилбар куйларни,

Халқим шеъриятга шайдодир азал.

Нечун банд этмасин фикру ўйларни,

Нечун маҳв этмасин қалбларни ғазал?! –


“Муқаввас қошларингким, ўсма бирла ранг тутмишлар,

Қиличлардирки қонлар тўкмак ила занг тутмишлар.

Саҳар булбуллар афғони дагил беҳуда гулшанда,

Фузулий нолаи дилсўзина оҳанг тутмишлар”.


Ғазал ҳам бўлурму шунча дилрабо,

Бунчалар серишва, бунчалар серноз.

Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо

Фузулий шеърига ошиқлигим рост*.
Мажнундек беором бўлиб қолганим

Сарсари югурган тўлқинлар айтсин,

Кечалар уйқусиз шеър ёд олганим

Тонги уфқдаги ёлқинлар айтсин.


“Шифои васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр,

Зулоли шавқ-завқин ташнаи дийдор ўландан сўр.

Кўзу ёшлуларинг ҳолин на билсун мардуми ғофил.

Кавокиб сайрини шаб то саҳар бедор ўландан сўр”.


Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,

Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.

Карбало даштида яёв кезишдан

Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.


Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,

Шоир ўйларига бермагил халал.

Устоз юрагида шеър туғилмоқда,

Дунёга келмоқда янги бир ғазал.


* Бир неча йил муқаддам йирик адабиётшунос олим Ғайбуллоҳ ас-Салом Эркин Воҳидов ва бир неча рус шоирлари билан биргаликда Югославиянинг Струга шаҳрида ўтказилган XXVII анъанавий шеърият байрамида қатнашган эди. Ўша байрам кунларини эслаб буюк устозимиз ёзган эдилар: ”Бизнинг Эркин Воҳид ўзининг улкан шоирлик иқтидоридан ташқари, ажойиб қувваи ҳофизага, ўткир бадиҳавий қобилиятга эга... У бир баркамол турк шоири билан кун бўйи, галма-галига Фузулий ғазалларини ёдаки ўқишга берилиб кетди. Мушоирага киришган икки адиб, Фузулий даҳосидан завқланиб, бир-бирларини тўлдириб, баъзан эса тузатган ҳолда, буюк озарбайжон шоирининг девонини бусбутун ёд ўқишди” (Ғайбуллоҳ ас-Салом. Эй умри азиз. – Тошкент: Шарқ. – 1997. – 132-б).
2. Қуйидаги диалог кимнинг қайси асаридан олинган? Мазмуни ва услубига кўра у қайси драматургнинг асарини эслатади?
Хаджи Ибрагим. Милости просим. Давно к нам пожаловать изволили?

Шамданбек. Да уж несколько дней.

Хаджи Ибрагим. Я слышал, вы завтра уезжаете?

Шамданбек. Да, предполагаю уехать. Я тут несколько задержался – у губернатора дело было ко мне.

Хаджи Ибрагим. А вы знакомы с господином губернатором?

Шамданбек. Да, он мой хороший знакомый. Вчера на чай пригласил, так часов до одиннацати отпускать не хотел, все никак не наговорится (хаджи Ибрагим бросает на Ниязбека торжествующий взгляд). Я потому и не уезжал, что на этих днях губернатор обед даёт. Ну, разумеется, просил, чтоб я был.
5. АРМАН АДАБИЁТИ
Арман халқи Закавказье, Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва Америка мамлакатларида яшаб келади. Бу халқ ноёб қадимий, бой, ёзма ва оғзаки ижод намуналарига эга. Фольклор асарлари ичида эртак, қўшиқ ва термалар, эпик достонлар ва афсоналар, мақол ва бошқа ҳикматли сўзлар кўп учрайди.

Эртакларнинг қаҳрамонлари – киши умрини узайтирадиган олмалар,, учар отлар – тулпорлар, қўрқмас ака-ука ботирлар, фидокор меҳнаткашлар, адолатли ва золим подшолардир. Масалан, ”Азаран булбул” эртагида ёвуз кучлар томонидан топталган, таланган боғ ва гулзорлар баҳор тимсоли бўлган олов қушча қўшиғидан қайта кўкара бошлайди, гулга киради.

Арман халқ достонлари бошқа халқлар фольклори асарлари каби катта тарихий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Буларнинг ичида энг машҳури – ”Сосунлик Довуд” достонидир. Унда VIII-X асрларда араб босқинчиларига қарши олиб борилган озодлик кураши зўр бадиий маҳорат билан куйланган.

Эртак ва эпик асарлардан ташқари арман фольклорида маросим қўшиқлари ҳам анчагина. Уларнинг асосий мавзуси – чин севгини тараннум этиш, меҳнатни улуғлаш, жамиятдаги нуқсонларни ҳажв ўти билан куйдириш. Буларда бахт излаб ватанини тарк этган дарбадар ғарибларнинг қўшиқлари, порлоқ келажакка ишонч, некбинлик, душманга нафрат, ватанга муҳаббат ғоялари акс этган. Фольклор мавзу ва мотивларидан кўпчилик арман шоир ва ёзувчилари, жумладан, Х.Абовян,, П.Прошнян, Г.Агаян, А.Исаакян, О.Туманян каби бадиий сўз усталари ижодий фойдаланиб, ўзларининг оригинал, зўр асарларини яратдилар.

393 йили машҳур маърифатпарвар епископ Месроп Маштоц арман ёзувини ихтиро қилди. Бу оригинал ва таржима адабиётининг жадал суръатлар билан ривожланишига туртки берди. Диний-фалсафий ва черков шеърияти тараққий этди.

VII-IX асрларда араб истилоси шароитида дунёвий адабиёт батамом йўқолиб, ўрнини диний адабиёт эгаллади. 886 йилда Арманичстон мустақилликка эришди. Шундан бошлаб санъат ва адабиётда чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилган асарлар пайдо бўла бошлади. Бу, айниқса, Григор Нарекаци ижодида (унинг ”Қўшиқлар”, “Фожиалар китоби”да) яққол кўзга ташланди.

XI асрда Арманистон яна мустақиллигини йўқотди: энди у Византияга қарам бўлиб қолди. Кўп ўтмай салжуқийлар (турк-оғуз султонлари) бостириб кирдилар. XII асрга келиб, Грузия ёрдамида яна мустақилликни қўлга киритди. Яна дунёвий адабиёт ривож топа бошлади. Масалчи Мхитар Гош асарларида феодал тарқоқликни қоралаб, марказлашган давлат тузишга чақирди.

XIII аср арман адабиёти тарихида реакцион ва прогрессив йўналишлар вакиллари ўртасида кураш кескинлашди. Гуманистик адабиёт намояндалари Фрик ва Константин Ерзнкаци пантеистик (суфиёна) руҳдаги ишқий лирик шеърларни ёздилар. Вардан Айгекци халқ латифаларидан фойдаланиб ёзган масалларида феодаллар ва черковга қарши чиқди, реалистк ҳажвчиликни ривожлантирди.

XIV-XVIII асрларда дунёвий адабиёт изчил ривожлана борди. Бу даврнинг энг машҳур шоири Саят Нова арман, грузин, озарбайжон тилларида ёзган асарларида халқлар дўстлиги ва ватанга муҳаббат ғояларини тараннум этди.

XIX аср бошларида Арманистон ҳам Грузия ва Озарбайжон (кейинчалик Ўрта Осий мамлакатлари) га ўхшаб Россияга қўшиб олинди. Энди бу ерда Россиянинг таъсири сезила бошлади. Рус революцион-демократик ғоялар кириб келди. А.С.Пушкин даври рус адабиёти таъсирида вояга етган буюк маърифатпарвар-демократ шоир Х.Абовян янги арман адабиётига асос солди. Ўзининг ”Армания яралари” деб номланган биринча арман романини янги (ашхарабар) арман тилида ёзди.

50-60-йилларда тараққийпарвар йўналишдаги арман матбуотининг фаолияти кучайди. Москвада нашр этиладиган ”Юсисапайл” (“Шимол ёғдуси”) журнали атрофида кўп истеъдодли ижодкорлар уюшди. Уларнинг орасида таниқли шоир ва олим Микаэл Налбандян алоҳида ажралиб туради. Налбандяннинг баракали адабий-илмий ижоди инқилобий демократик руҳ билан суғорилган эди. Бунга унинг А.И.Герцен ва Н.Огаревлар билан дўстона алоқада бўлиши ҳамда рус революцион-демократлари асарларини мутолаа қилиб, улардан илҳомланиб ижод қилиши сабаб бўлган эди. Чор ҳукумати Налбандянни унинг революцион фаолияти учун зиндонга ташлади.

Арман адабиётининг йирик вакили саналган О.Туманян рус ва Дуне адабиёти классиклари нинг ижоди билан қизиқди. Пушкин, Жорж Байрон, В.Шекспир асарларидан таржималар қилди. Уларга эргашиб ўзи ҳам “Артавазд II”, “Шоҳ Ованес” номли тарихий драмаларини ёзишга киришди. Х.Абовян, М.Налбандян анъаналарини изчиллик билан давом эттирди, халқ оғзаки ижоди мотивларидан баракали фойдаланди

60-йилларда Арманистонда реалистик драматургия тараққий этди. Унинг йирик намояндаси бую карман драматурги Габриэль Сундукян эди. А.С.Грибоедов, Н.В.Гоголь ва А.Н.Островскийлар номи билан боғлиқ бўлган рус классик драматургияси анъаналари асосида тарбияланган Г.Сундукян ўзининг ”Пепо”, “Бузилган уй”, “Яна бир қурбон”, “Хатабала” номли саҳна асарларида буржуазия муҳитидаги жиддий ижтимоий зиддиятларнинг драматик тасвирини яратди, арман буржуазиясининг чирик ахлоқи ва ярамас урф-одатларини аёвсиз фош этди.

Г.Сундукяннинг замондоши А.Пароян реалистик проза ва драматургиянинг ғарбий арман адабиётидаги йирик арбоби эди. У кўпроқ ҳажвчи ёзувчи сифатида қалам тебратди. Унинг ҳажвий асарларида феодал тартиблар ҳукм сурган Туркиядаги аҳвол ҳаққоний ёритилди. Унинг ”Муътабар тиланчилар”, “Асос эсдаликлари” каби қиссаларида буржуа жамиятидаги ҳукмрон доиралар – бойлар, амалдорлар, юлғуч савдогарлар масхара қилинди, “олий” табақа оиласининг мустаҳкам эмаслиги, ноҳақликнинг ҳукмронлиги танқид остига олинди.

70-80-йилларда арман романчилигининг вакиллари Церенц ва Раффи рус-турк уруши даври, революцион-озодлик ҳаракати, турк султонлари зулмидан қутилиш учуен қуролли қўзғолоннинг зарурлиги каби масалаларни ўзларининг тарихий романларида ёритиб бердилар.

80-90-йилларда арман адабиётининг етакчи йўналиши танқидий реализм бўлиб қолди. Носи рва драматург Шервонзода “Хаос”, “Вардан Аргумян” каби қисса ва романларида савдогарлар, саноатчи бойлар, амалдорлар, руҳонийлар, ишчилар образларини яратди. Унинг арман халқи ҳаёти тарихи ҳаққоний ёритилган ажойиб саҳна асарлари кўп тилларга таржима қилинди. Бир неча йиллар давомида Шервонзоданинг “Номус” драмаси Тошкентдаги Ҳамза номидаги театр саҳнасида зўр муваффақият билан кўрсатилмоқда.

ХХ аср бошларида Ереванда ”Мурч” (“Болға”) номли ойлик журнал чиқа бошлади. Унинг атрофида уюшган А.Исаакян, О.Туманян, Акоп Акопян, Дерепин Демирчянлар арман демократик адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшдилар. Айниқса, О.Туманян ўзининг тўртликлари, достон, масал, эртакларида классик адабиёт анъаналарини давом эттирди. “Ануш”, “Эски кураш” ва “Сосунлик Довуд” сюжети асосида ёзилган достонларини кўрсатиш мумкин (Қиёс учун: Анорнинг “Қўрқуд китоби”, С.Липкиннинг “Манас Великодушный” асарлари). Шу даврларда Ғарбий Арманистон адабиётига Ғарбий Европа символистларининг таъсири сезилди. Лекин маҳаллий символистлар М.Мецаренс, Д.Варужан, Р.Севан ва бошқалар арман классик адабиёти анъаналаридан ҳам воз кечмадидар. Уларнинг асарларида халқ миллий озодлик кураши ғояларини тараннум қилиш катта ўрин эгаллади.

20-йилларда ташкил топган турли адабий гуруҳлар, жумладан “Учлар гуруҳи”, “Мурч” ва “Арман пролетар ёзувчилари уюшмаси” кабилар замирида 1929 йилда Арман совет ёзувчилари федерацияси тузилиб, у ҳамма ёзувчиларни бир ташкилот атрофига уюштирди. Бу ташкилий жараёнда ”Норк”, “Мурч”, “Нор Акос”, “Грихан диркерум”га ўхшаш газета ва журналлар ва адабий танқид муҳим роль ўйнади.

Арман адиблари ўз асарларида қайси бир мавзуга мурожаат қилмасинлар (янги инсонни тарбиялаш учун кураш, Хотин-қизлар озодлиги, меҳнатда ўз қадр-қимматини топа билиш каби), воқеликни тўғри акс эттириш ва ундан тегишли хулосалар чиқаришга уриндилар.

Арман насри билан бирга драматургия ҳам ривожланиб борди. Унинг энг яхши намуналарини яратган А.Шервонзода (“Морганнинг отахони”), Д.Демирчян (“Довюрак Назар”), Л.Сагателян (“Бир парча ер учун”), С.Багдасарян (“Қонли саҳро”) комедияларида ўткир сиёсий проблемалар кўтариб чиқилди. Халқ оғзаки ижоди материалларидан кенг фойдаланиш саҳна асарларининг узоқ вақт саҳнадан тушмаслиги учун сабаб бўлиши исбот этилди.

30-йиллар арман адабиёти ҳамма адабий жанрларда республика ва унинг халқи ҳаётида юз бераётган туб ижтимоий ўзгаришларни ҳамда арман халқининг машаққатли ва қаҳрамонона ўтмишини акс эттирувчи салмлқдор асарларнинг яратилиши билан ўтган даврлардаги адабиётдан фарқ қилади. Масалан, ”Олтмишинчи горизонтал” (В.Алазан), “Ацаван” (Н.Зарян) романларида Арманистоннинг шаҳар ва қишлоқларидаги янги кишиларнинг ахлоқи, меҳнатга янгича муносабати, синфий кураш, севги, оилавий муносабатлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Бу романлар билан М.Шолоховнинг ”Очилган қўриқ”, А.Қаҳҳорнинг “Қўшчинор чироқлари”, тожик прозаиги Жалол Икромийнинг “Шоди” асарларидаги мавзу ва ғоявий мазмун ўхшашлигини қайд этиш мумкин.

30-йилларнинг охирида “Сосунлик Довуд” халқ қаҳрамонлик достонининг 1000 йиллигини ношонлаш муносабати билан арман халқининг ўтмиш маданий меросига қизиқиш кучайди. Бу улкан достон ҳақида кўп илмий текшириш ишлари ёзилди, асарни нг ўзи кўп қардош халқлар тилларига таржима қилинди.

Фашизмга қарши кураш йилларида арман адабиётининг янги саҳифаси очилди. 40 дан ортиқ арман адиблари қўлга қурол олиб, жангга кирдилар. Қолганлари фронт ва фронт ортида кўрсатган мислсиз қаҳрамонлик ва ватанпарварликни куйладилар, душманнинг ёвузлиги ва босқинчилигини аёвсиз фош этдилар. Жанг йилларида арман шоирларининг инсонпарварлик ва байналмилаллик ғояларини тарғиб этувчи қўшиқлари ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янгради, халқларни фашизмга қарши курашга чорлади, ғалабага ишонч руҳида тарбиялади. А.Исаакяннинг “Жанговар чақириқ”, Н.Заряннинг “Ватан овози” достонлари, С.Сарьяннинг “Ўлим кемаси” асари, шунингдек иккинчи авлод шоирларидан С.Вауни, А.Граши, С.Капутикян, Р.Ованесян, Г.Эмин, Г.БЮоряннинг гуманичстик-қаҳрамонлик лирикаси жанг йиллари арман гражданлик шеъриятининг энг яхши намуналаридир.

Сўнгги йиллар насрининг асосий улушини романчилик ташкил этди: жанг мавзуи кенг кўламда ёритилган йирик бадиий асарлар вужудга келди. Р.Кочарнинг ”Катта хонадон болалари”, М.Арменнинг “Ясва”, А.Сираснинг “Арарат”, В.Алазаннинг “Шимол юлдузи” романлари билан бир қаторда чет эл халқлари ҳаёти ва кураши тасвирига бағишланган “Теҳрон” (Г.Севунц), “Саҳрода”, “Мағлубият” (С.Алжанян) номли романлар шулар жумласидандир. Бу асарлар Арманистон миқёсидагина эмас, балки бошқа юртларда ҳам бу адабиётнинг шуҳратини оширди.

Арман прозасида тарихий мавзу замонавий мавзу билан боғланиб кетди. Роман, қисса, ҳикоя ва очеркларда ишчилар, деҳқонлар, зиёлилар ҳаёти ва уларнинг онги, юриш-туриши, хулқи-атворида юз бераётган ўзгаришлар акс этди. Адибларнинг ўзлари ҳам шакл ва мазмунда оригиналлик, ўзига хослик излашга, арман классик адабиёти ва қардош халқлар адабиёти ютуқларидан ижодий фойдаланишга жиддий ҳаракат қилдилар. Булар қаторида Г.Эмин, С.Капутикян, Р.Ованесян, В.Давтян, Г.Тер-Григорян ва бошқалар алоҳила ўрин эгаллайди. С.Капутикян ва Г.Эмин охирги йиллардаги шеърий тўпламлари учун юксак Давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.

Сўнгги йилларда миллий адабиётлар ўртасида ҳамкорлик кучайди, маданий алоқалар кенгая борди. Ўзаро адабиёт ва санъат декадалари ва ҳафталиклари ўтказилди. Ўзбек ва арман адабиётлари ўртасидаги қадимий дўстлик ва маданий алоқалар мустаҳкамланди. Арманистонда Алишер Навоийнинг ”Фарҳод ва Ширин” достони М.Корюн таржимасида Чоп этилди. Ҳамза, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Уйғун, К.Яшин, Ш.Рашидов, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Ориповларнинг асарлари кенг ёйилди. У ерда “Ўзбекистон шоирлари”, “Ўзбек ҳикоялари”, “Ўзбек пьесалари” тўпламлари, Ш.Рашидовнинг ”Бўрондан кучли” романи, А.Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси, Ҳ.Ғуломнинг “Шеьрлар”, Зулфиянинг “Лирика” китоблари, “Кичкинтой дўстлар” мажмуалари босилиб чиқди. Бизнинг республикамизда О.Туманяннинг ”Ануш” достони, Е.Чаренцнинг “Чаренцдан салом” китоби, Н.Заряннинг “Ацаван” романи, Г.Севунцнинг икки жилдли “Теҳрон” эпопеяси, С.Капутикяннинг “Шеърлар” тўпламлари ўзбек тилида босилиб чиқди. “Сосунлик Довуд” эпоси М.Шайхзода ва Ҳ.Ғулом таржимасида чоп этилди.

Қадимий анъаналарга бой арман адабиёти ҳозирги кунда жаҳон адабиётининг таркибий қисми сифатида жадал скръатлар билан ривожланиб бормоқда.
ТОПШИРИҚ. Қуйидаги шеърларни лингвоуслуб жиҳатидан таҳлил қилинг.
Ованес Туманян
Арманнинг қайғуси
Арманнинг қайғуси тубсиз ва чексиз,

Худди денгиз каби бепоён,

Лойқа тўлқинланиб турган бу денгиз

Қаҳрида мен ҳасратда ҳамон.


Аламзада бўлиб баъзида бу жон

Ўзин урар сароб – қирғоққа.

Баъзан сув тубига шўнғийди нимжон,

Туролмасдан у тик оёққа.


На у қирғоқ топар, на денгиз тубин,

Ўзидан ҳам ҳаттоки безор.

Арманга бу жаҳон тордир бус-бутун,

Жон қийналур ночор, беқарор.


1903.
Эркин Воҳидов
Азгануш

Арман қизига

Кўрдиму лол бўлди ақлим, ўнгмиди бу ёки туш,

Бўлса ҳам ўнг ё сени кўргач, бошимдан учди ҳуш.

Сен баланд тоғ узра эрдинг мисли оҳу ёки қуш,

Ёлвориб мен пастда дердим: бир нафас ёнимга туш.

Азгануш, ҳой, Азганушим, Азганушжон, Азгануш.
Сен хаёлинг бир дамилик жилвасиму чинмидинг,

Ё ғазалларда битилган ”ул париваш” сенмидинг.

Орази гул, сочи сунбул, бир тани сийминмидинг,

Балки Ширин Ширин эмас, сен ўзинг Ширинмидин?

Азганушим, Азганушжон, Азгануш, ҳой Азгануш.
Ўсма қўйдингму қошингга, бунчалар тим қорадир,

Билмадим, бу қошларингдан қанча диллар порадир,

Раҳм қилғил битта ўзбек шунчалар ёлворадир,

Туш ўзинг, ё айт, ёнингга қайси йўлдан борадир.

Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азганушим, Азгануш.
Боқ, бу тоғлар ортида бир шлка бордир кўп йироқ,

Мен қанотли йўлчига бу бир нафаслик йўл бироқ,

Юр, париваш, мен билан юр, борми сенда иштиёқ?

Гул тутарман сенга сўлмас ул чамандан бир қучоқ,

Азганушим, Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азгануш.
1962, Ереван.

6. ГРУЗИН АДАБИЁТИ
Грузин адабиёти арман адабиёти сингари қадимий тарихга эга бўлиб, у милодий асрдан минг йиллар аввалги даврларга бориб тақалади. Бироқ қадимий ёзма адабиёт ва оғзаки ижод намуналари бизгача етиб келган эмас. Улар IV аср бошларида христиан черкови ва мамлакатни кўп асрлар давомида талаб келган чет эл босқинчилари томонидан йўқ қилиб ташланган.

Грузинларда ёзув ҳам қадимдан мавжуд. XI асргача улар хуцури (черков ёзуви) деб аталадиган, XI асрдан бошлаб мхедрули (фуқаро ёзуви) номли ёзувлар билан иш юритганлар. Ҳозирги грузин ёзуви ана шу мхедрулининг бирмунча ихчамлаштирилган туридир.

Грузин халқи, Закавказьедаги бошқа халқлар сингари, кўп асрлар давомида ўз озодлиги ва мустақиллиги учун чет эл босқинчиларига қарши кураш олиб борди. Грузин адабиётининг тараққиёт тарихи меҳнаткаш халқнинг озодлик кураши тарихи билан боғлиқ эди. У халқ фарзандларининг қаҳрамонлигини улуғлаб, уларни ватанпарвалик руҳида тарбиялади. Илғор грузин адабиётидаги ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари грузин халқ шеъриятининг табиатига сингибю кетган эди. Грузин адабиётининг кўп асрлик тарихи давомида бу ғоялар Яна ҳам чуқурроқ томир отди.

Грузин халқ оғзаки ижоди қўшиқ, афсона, эртак, қаҳрамонлик достонлари, баллада, мақол ва топишмоқларга жуда бой. Қадимги юнон тарихчиси Ксенофонтнинг айтишича, грузинларда милоддан олдинги IV асрлардаёқ аскарлар қўшиқларни хор шаклида ижро этганлар. Аполлон Родосский грузинларда Прометейнинг муқобили Амирани бўлганлигини эслатиб ўтади. Дарҳақиқат, грузин фольклорида Кавказ тоғларига боғланиб банди қилинган Амирани тўғрисида ҳикоя қилувчи достоннинг бир неча вариантлари бор. Ўрта асрларда яратилган грузин халқ оғзаки ижоди асарлари орасида ”Этериани” достони ажралиб туради. Унда шаҳзода Абессаломнинг Этери исмли чўпон қизга бўлган муҳаббати, уларнинг Мурман девга қарши курашлари ҳикоя қилинган.

Грузин ёзма адабиёти ўзининг илк босқичида (XI асрга қадар) кўпроқ диний характерда бўлиб, бу грузин қабилаларининг ижтимоий моҳияти билан боғлиқ эди. Шарқ ва Ғарбдан ҳужум қилиб келувчи душманларга (сосонийлар, халифалар, салжуқийлар) қарши курашни уюштирувчи куч грузин черкови эди. Шунинг учун мамлакатдаги етакчи маданий кучга айланган христиан черкови тарихий ҳаётнинг маълум босқичида грузин ёзма адабиётига кучли таъсир кўрсатди.

Грузин диний-черков адабиётининг қадимги намуналари кўпроқ таржима асарларидан иборат эди. Лекин тез орада христиан черкови манфаатини кўзловчи оригинал адабиёт ҳам вужудга келади. Бу тарихий адабиёт черковнинг диний ташвиқотчилик мақсадларига хизмат қилса-да, унинг тарихий ва бадиий адабиёт элементлари ҳам мавжуд эди. Унинг энг яхши намуналари сифатида V асрда ёзилган ”Жабрдийда Шушаники”, VI аср бошларида яратилган ”Жабрдийда Евстафия Мцхетели”, VIII аср мутафаккири томонидан бунёд этилган “Жабрдийда Або Тбилели”, “Нина Каппадокийскаянинг ҳаёти” (IX аср), “Григорий Хандзтелининг ҳаёти” номли асарларни кўрсатиш мумкин.

Христиан дини ҳукмрон бўлган даврларда ҳам грузин халқ шеърияти янги-янги мотивлар билан бойиб борди. Ёзма адабиёт билан оғзаки адабиёт ўртасида ўзаро алоқа ва таъсир кучайди. Чунончи, черков адабиётининг йирик вакиллари Иоанн-Зосим ва Филипп халқ шеъриятининг вазнларидан фойдаландилар. XI-XII асрларда адабиёт черковдан тамомила ажралгач, ҳукмрон доиралар мафкурасининг ифодаси бўлган дунёвий адабиёт тобора ривожлана бошлади.

Грузин халқининг чет эл босқинчиларига қарши, бир бутун кучли мустақил давлат учун олиб борган кураши муваффақиятли якунланди. Грузия халқаро миқёсда катта рол ўйнай бошлади. Мамлакатнинг иқтисодий ва маънавий ҳаёти юксала бошлади. Қишлоқ хўжалиги жонланди, савдо-сотиқ тараққий этди; ҳар хил иншоотлар, янги-янги шаҳар, қишлоқлар қурилди, адабиёт ва санъат равнақ топа бошлади. Кейинчалик грузин халқининг гениал шоири Шота Руставели ижодида ёрқин ифодаланган гуманистимк ғоялар куртак ота бошлади.

XI-XII асрларда Грузиянинг қўшни мамлакатлар билан алоқаси яхшиланди. Қадимги юнон файласуфлари ва шоирларининг, жумладан буюк Гомернинг асарлари грузин тилига, грузин адибларининг асарлари озарбайжон, форс-тожик тилларига таржима қилинди. Грузин китобхонларининг ”Шоҳнома” ва “Хамса” билан танишуви катта аҳамиятга эга бўлганидек, грузин ёзувчилари ижодининг қардош халқ шоирлари ижодига, жумладан озарбайжон шоирлари Низомий ва Ҳоқонийлар ижодига таъсири яққол сезилди.

Шундай қилиб, XII аср – грузин адабиёти тарихига классик грузин адабиётининг яратилиш даври бўлиб кирди. Бироқ бу даврнинг юксак маданий мероси мўғуллар истилоси натижасида ер билан яксон қилиниб, унинг оз қисмигина бизгача айрим фрагментлар шаклида етиб келган, холос. “Амиран-Даражониани” ва “Висрамиани” қиссалари, шунингдек, Ш.Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони шулар жумласидандир. Бу достон ўрта аср адабиётининг кўп асарларидан ўзининг догматизм, схоластика ва диний фанатизмдан холи эканлиги билан фарқ қилади. Достон сода ва халққа тушунарли тил билан ёзилган. Ш.Руставели бу асари билан Европада уйғониш даврида ижод қилган мутафаккир шоирлардан ўзиб кетиб, чинакам инсоний ишқ-муҳаббат, гуманизм, мардлик ва қаҳрамонлик туйғуларининг куйчиси сифатида танилди. Достоннинг Тариэл, Автандил, Фаридун (мардлик ва қаҳрамонлик тимсоли), Нестон-Даражон (оқила ва мард аёл образи) каби қаҳрамонлари ватан олдидаги бурчни, унинг бахт-саодатини ҳамма нарсадан устун қўядилар. Шу билан бирга халқлар дўстлиги ғоялари уларнинг сиймосида мужассамлашгандир. ”Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони дунй адабиётининг ноёб дурдоналаридандир. У грузин адабиётининг XII асрдан кейинги тараққиётига баракали таъсир кўрсатди. Бугунги кунда грузин халқининг ажойиб анъанаси бор: совчиликка келган қуда-андаларнинг дастурхонига албатта шу достонни совға сифатида қўшиб қўядилар. Нақадар улуғвор одат!

Ш.Руставелининг буюк хизмати шундаки, у, биринчидан, Ўрта аср феодализми шароитида кучли адолатли монархияни ҳимоя қилиб чиқди. Иккинчидан, ватанни чет эл босқинчиларидан озод қилиш учун кураш ғоясини илгари сурди. Учинчидан, турли миллат халқларининг дўстлиги, биродарлигини тасвирлаб халқлар дўстлиги ғоясини тараннум этди.

XV асрда мўғул босқинчилари ўрнини эронли ва усмонли турк истилочилари эгаллаб, бир неча асрлар давомида ҳукмронлик қилиб келдилар. Шундай оғир пайтда рус ва грузин халқлари ўртасида дўстлик дивожлана бошлади. Иван Грозний ва Борис Годунов даврида Грузия билан Москва ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилди. Бундан ғазабланган қўшни Эрон шоҳи Аббос Грузияга бостириб кириб, халқ бошига қирғин келтирди, минглаб хонадонларни хайдаб. Эрон ичкарисига кўчириб кетди. Грузия Россияга қўшиб олинганидан кейингина халқ, қирғиндан халос бўлиб, осойишта яшай бошлади. Халқ миллий адабиёт ва маданият тараққиёти учун курашни давом эттирди. Бу даврда кўпгина истеъдодли шоир, мутафаккир ва олимлар етишиб чиқдилар.

Уйғониш даври, яъни XVI-XVIII асрларда Грузияда Шота Руставелининг адабий мероси учун кураш кучайди. Ижтимоий онгнинг илғор вакиллари Руставелини ўз байроқлари эълон қилиб, ундан ўрганишга чақирсалар, черков-дин аҳллари, аксинча, уни ”кофир”ликда айбладилар. Бундан ташқари, ўша давр адабий ҳаётида Шарқ (форс) шеърияти таъсиридан қутулиш ва халқчил грузин адабиёти учун кураш ҳам қизиган эди. Шоҳ Таймураз I форс адабиёти таъсирини ўз ижодида намойиш қилиб, “Юсуф ва Зулайхо” (“Иосебзилиханиани”), “Лайли ва Мажнун” (“Лейлмежнуниани”); “Булбул ва Гул” (“Вардбулбулиани”), “Шам ва Парвона” (“Шампарвариани”) достонларини грузин тилида қайта ишлаган бўлса, шоир Арчил, бунинг аксича, грузин адабиётида миллий-ватанпарварлик йўналишининг асосчиси сифатида Россия билан дўстолна алоқада бўлишни тарғиб қилган эди.

Арчилнинг хизмати шунда эдики, у ”Таймураз ва Руставелининг баҳси” номли дидактик достонида бадиий тасвирнинг реалистик методини, миллий тематика ва адабий тилнинг софлигини ҳимоя қилиб чиқди.

Қадимги грузин адабиётининг йирик впакилларидан яна Вахтанг VI, Сулхан Саба Орбелиани, Давид Гурамишвили, Мамука Бараташвили, Таймураз II, Бесики ва Саят Новаларни кўрсатиш мумкин. Бу адиблар ўз ижодлари билан Таймураз I ва Арчил ўртасидаги баҳсни давом эттириб, грузин адабиёти тараққиётига маълум ҳисса қўшдилар.

XVII-XVIII асрларда Грузия ошуғлик шеърияти кенг қулоч ёйди. Саят Нова ана шу поэзиянинг вакилларидан эди.

Саят Нова деҳқончилик билан шуғулланувчи камбағал деҳқон оиласида дунёга келди. У ёшлигиданоқ, ўзи тўқиган шеърларини ўзи куйга солиб, озарбайжон, арман ва грузин тилларида ижро этарди. Саят Нова бирмунча вақт Ираклий II саройида сарой шоири ва созандаси бўлиб турди. Бироқ Сарой аҳлининг фисқ-фужури натижасижа туҳматга йўлиқиб, 1765 йилда подшо даргоҳидан қувилди. Бу ҳодиса шоир ижодида кучли из қолдирди. У ўз шеърларида ҳасадгўй, иғвогар айрим зотларни “заҳар сочиб яшовчи қурт”га ўхшатган эди.

Саят Нова саройдан қувилганидан сўнг яратган қатор шеърларида мавжуд ижтимоий тузумдан нолиб, узлатга чиқиб, дунёдан воз кечишга чақирди. Ўзи ҳам жамиятдан монах-роҳиблик ҳаётини танлади. Саят Нова ижодидаги қайғу ва нолиш мотивлари чуқур ижтимоий маънога эга эди. Бу қайғу ва нолиш унинг шахсий ҳаётидаги бахтсизликлан кўра , ўша замон ва шоир мансуб бўлган ижтимоий синф бахтсизлигининг натижаси эди. Шуларга қарамай, Саят Нова шеърлари гуманистик ғоялар билан суғорилгандир. У доим қувноқ. Оқилона ҳаёт кечиришни тарғиб этди. Шоир бу билан кишиларни инсоний фазилатли бўлишга даъват этади.

Тараққийпарвар зиёлиларнинг кўзга кўринган намояндалари А.Чавчавадзе, Г.Орбелиани, Н.Бараташвили, В.Орбелиани, Г.Ористави, С.Дадашвили ва бошқалар ватанга хизмат қилиш, унинг маданияти равнақи учун курашни ўзларининг муқаддас вазифалари деб билар эдилар.

XIX аср грузин адабиёти ва маданияти тараққиётида грузин зиёлилари билан илғор рус интеллигенцияси вакиллари ўртасидаги дўстона алоқалар катта аҳамиятга эга эди. Айниқса, А.С.Грибоедов, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, декабристлардаен А.Одоевский ва Бестужев-Марлинскийларнинг кавказга тез-тез бориб туришлари ёки шу ерда сургунда яшашлари оқибатсиз қолмаган эди. Буюк грузин адиби Илья Чавчавадзе шундай деган эди: ”Бизнинг орамизда рус адабиётининг таъсирини сезмаган биронта ҳам адиб, биронта ҳам жамоат арбоби йўқ. Бу табиий ҳол, чунки бизга маърифат эшигини рус мактабим, рус фани очди. Бизнинг онгимизни рус адабиёти илғор ғоялар билан суғориб, ҳаракатга келтирди. Бизнинг биронтамиз бу шифобахш булоққа лаб тегизмай туриб ўз маънавий чанқоқлигимизни бостиролмасдик. Шунинг учун биз рус адабимёти тарбиялаб вояга етказган кишилармиз дейишга ҳақлимиз…”.

Рус халқининг ажойиб фарзандлари А.С.Грибюоедов, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов ва бошқалар ҳам Грузияга ўзларининг иккинчи ватани деб қарадилар, улар грузин халқ оғзаки ижодининг битмас-туганмас хазинасидан баҳра олиб, ўзларининг бадиий ўткир асарларини яратдилар.

XIX асрнинг бошларида грузин адабиётида романтизм методи тараққий этди ва ярим аср мобайнида у бадиий ижодда ҳукмрон йўналиш бўлиб қолди. XIX асрнинг биринчи ярмида романтизм таъсирида бўлмаган биронта грузин шоири йўқ эди десак хато қилмаган бўламиз. Александр Чавчавадзе ва Григорий.Орбелианилар билан бирга Н.Бараташвили, Вахтанг Орбелиани, Мих.Туманишвили, Соломон Размадзе, Георгий Эристави каби грузин ёзувчилари ҳам шу романтик йўналишнинг вакиллари эдилар. Грузин романтизми классицизмга қарши курашда, ҳаётдан узилмаган ҳолда, реал борлиқни акс эттирди.

40-50-йиллар грузин адабиёти реализмнинг шаклланиш жараёнини бошидан кечирди. Бироқ грузин адабиётига реалистик принцип эволюцион йўл билан эмас, балки романтизмнинг шартли белгилари ва образларига қарши кураш йўли билан кириб борди. Реализм грузин адабиётида бир неча босқични босиб ўтди. Реализм элементлари грузин романтикларидан А.Чавчвадзе, Г.Орбелиани, Н.Бараташвили асарларида яққол кўзга ташланган бўлса-да, аммо реализм бу ёзувчиларнинг услубини белгиловчи асосий хусусият эмас эди. Ниҳоят 40-50-йилларга келиб Г.Эристави, Л.Ардазиани, З.Антонов, Д.Чонкадзелар грузин адабиётида тараққий эта бошлаган реалистик йўналишни бошлаб бердилар. 60-йилларга келиб грузин адабиётида реализм юқори босқичга кўтарилди ва А.Чавчавадзе, А.Церетели, Г.Церетелилар ижодиде етакчи роль ўйнади.

Груиянинг бир бутун давлатга бирлашуви ўтган асрнинг 60-70-йилларига тўғри келади. Бу даврда илғор зиёлилардан катта бир гуруҳи – “тергдалеули”лар, яъни Терек дарёсидан кечиб ўтиб, Петербургда таълим олиб қайтган ёшлар гуруҳи адабиёт майдонига қадам қўйди. Бу гуруҳнинг кўзгакўринган вакиллари И.Чавчавадзе, А.Церетели, Г.Церетели, Нико Николадзе, Кирилл Лордкипанидзелар Петербургда Н,г,Чернишевский ва Н.А.Добролюбов бошлиқ “Современник” атрофида уюшган революционерлардан таълим олиб қайтдилар. Улар кўп масалаларда, масалан, грузин тилини тозалаш, ундан эскириб қолган ёзув қоидаларини чиқариб ташлаш хусусида грузин зиёлиларининг ”Дискари” (“Тонг”) журнали атрофига тўпланган эски авлод вакиллари билан менозара бошладилар. “Ёшлар” ва “кексалар” ўртасида бошланган бу мунозара аста-секин сиёсий-ижтимоий масалаларга кўчиб, янада жиддийлашди. Бу мунозара ўлиб бораётган эски патриархал-крепостнойлик тузуми тарафдорлари билан янги туғулиб келаётган ижтимоий ҳаёт тарафдорлари ўртасидаги курашга айланди.

Илья Чавчавадзенинг сафдошларидан шоир Акакий Церетели “Буюк Баграт”, “Натела” номли тарихий достонларида, “Кахетиялик кичкинтой” драмаси ва “Тонг”, “Қўшиқлар қўшиғи”, “Сулико” сингари ажойиб лирик шеър-қўшиқларида Грузиядаги миллий-озодлик ҳаракатини Россиядаги ишчи-деҳқонлар революцион ҳаракати билан боғлаб тасвирлади. А.Церетели, Э.Потьенинг ”Интернационал”ини грузин тилига ўгирди. Н.Г.Чернишевский билан дўстлашган, А.И.Герцен, Н.П.Огаревлар билан яқиндан танишган публицист ва адабиётшунос Н.Николадзе ўзининг адабий танқид ва эстетикага оид асарларида реализмни ёқлаб чиқди.

80-йиллар грузин адабиётида Александ Казбеги ва Важа Пшевала ижоди салмоқли ўрин эгаллади. Казбегининг ”Элгуджа”, “Хевисбери Гоча”, “Падаркуш” асарларида тоғлик грузинларнинг ҳаёти ва уларнинг озодлик учун олиб борган кураши акс эттирилди. В.Пшевала “Меҳмон ва мезбон”, “Илон этини тотган киши”, “Алуда Кеталаури”, “Бахтриони” номли шеърий ҳамда бир қанча насрий ва саҳна асарларида буюк гуманист ва табиат куйчиси сифатида кўринди. У ўша замоннинг мураккаб фалсафий масалалари ҳақида чуқур мулоҳаза юритди.

Бу давр грузин адабиётида драматургия жанри ҳам ҳийла ривожланди. Бу соҳада ”Ватан” номли қаҳрамонлик драмасининг муаллифи Давид Аристави, “Хоним”, ”Энди ўзгача замон” комедияларини яратган А.Цагарели, шунингдек, В.Шекспир асарларининг таржимони, жамоат арбоби И.Мачабелиларнинг хизмати катта.

XIX аср охири XX аср бошларида грузин адабиётининг янги даври бошланди. Синфий кураш, ижтимоий воқеалар, жамиятни қайта қуриш масалалари бош мавзуга айланди. Бу давр адабиётида машҳур адабиётшунос А.Цулукидзе, прозаик Э.Ниношвили, шоирлар И.Эвдошвили ва П.Чхиквадзеларнинг ижоди катта ўрин эгаллади. Турли жанрларда ижод қилишларига қарамай, уларнинг дунёқарашларида яқинлик – уйғунлик кўзга ташланар эди.. Чунончи, улар ўз асарларида камбағал деҳқонлар ва ишчилар синфининг озодлик учун кураши манфаатларини акс эттирар эдилар. Э.Ниношвили ўз асарларида меҳнаткаш омманинг қаттиқ эзилишини кўрсатиш билан бирга, дворянлар ахлоқининг тубанлашаётганлигини фош қилди.

Янги грузин адабиётининг шаклланишида ундаги турли адабий гуруҳларни ҳам айтиш жоиз. 1920-йилларда “Академик гуруҳ”, “Зангори шохчилар гурухи”, грузин лефчи-футуристлар гуруҳи ва ниҳоят, Грузия пролетар ёзувчилар уюшмаси бор эди. Ҳозир бу адабиётни модерн адабиёт деб юритилади. Бу адабиёт вакиллари турли хил дунёқарашдаги тажрибали ва ёш ёзувчиларни ўз атрофига уюштирар ва ўзаро кураш олиб борар эдилар. “Академик гуруҳ”нинг вакиллари (К.Гамсахурдиа, А.Абашели, И.Гришашвили ва б.) реакцион синф қолдиқларининг пролетариатга қарши миллатчилик қарашларини ифода этса, “Зангори шохчилар” (В.Гаприндашвили, Г.Леонидзе, К.Надирадзе ва б.) ашаддий символистик адабий оқим мафкурачилари эдилар. Лефчи-футуристлар (С.Чиковани, Д.Шенгелая, А.Белиашвили ва б.) янги ”революцион санъат-адабиёт” яратишни даъво қилиб, ўзларини аввалги икки гуруҳга қарама-қарши қўйдилар.

30-йилларда Ш.Руставели, И.Чавчавадзе, А.церетели, В.Пшевала, Э.Ниношвили каби машҳур адибларнинг юбилейлари кенг миқёсда нишонланди. Уларнинг сара асарларикўплаб қардош тилларга таржима қилинди.

40-50-йиллар адабиёти, бошқа халқлар адабиёти сингари, фашизмга қарши кураш, ватанпарварлик, фронт ортидаги оғир ҳаёт, ишчи-деҳқонларнинг шижоатли меҳнатини куйлади. Бу даврда очерк ва ҳикоя жанри ривожланди.

60-70-йиллар адабиётида мамлакат ва бошқа қардош халқлар ҳаётида юз бераётган мураккаб воқеалар, ишчилар синфи ва қишлоқ ҳаёти акс этди. Ёш авлоднинг ахлоқий қиёфаси тасвирига бағишланган қисса, роман, трилогиялар ёзилди.

Грузин классик ва ҳозирги замон адабиётининг купгина асарлари 20-30-йилларданоқ ўзбек китобхонларини мафтун этган эди.Ш.Руставелининг машҳур ”Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достони ўзбек тилида босиб чиқарилди. Атоқли халқ шоири Фозил Йўлдош ўғли бу эпоснинг ўзи яратган вариантини ўтиришларда, йиғинларда куйлаб юрди. Драматург Т.Собировнинг Шота Руставели эпоси сюжети асосида яратган ”Уч баҳодир” музикали драмаси Муқимий номидаги ўзбек Давлат музикали драма театри саҳнасида муваффақият билан ўйналди.

Грузин ёзувчиларидан И.Чавчавадзе, Г.Мдивани, С.Чиковани, И.Абашидзе ва бошқаларнинг поэтик ва драматик асарлари М.Шайхзода, Уйғун, Миртемир, Р.Бобожон таржималарида китобхонлар қалбига йўл топди. Грузияда ҳам ўзбек адиблари Ҳамза, К.Яшин, Ойбек, А.Қаҳҳор, Ш.Рашидов, Ғ.Ғулом, Уйғун, Зулфия, Миртемир, Мирмухсин, Ҳ.Ғулом ва бошқаларнингназм ва насрий асарлари нашр қилинди


ТОПШИРИҚ: Ш.Руставелининг ”Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонидан (XXV боб) парчани ўқиб, таҳлил қилинг.
Автандил дер: ”Биз мақсадга жазм қилиб борамиз,


Достарыңызбен бөлісу:


©kzref.org 2019
әкімшілігінің қараңыз

    Басты бет